Занжир (Ҳажвия)

Кимнидир кўришни истамасанг, унга қарз бер, деганлари рост экан. Қарз бериб қўйиб, мана, бир неча ойдан бери нариги маҳалладаги Ботир даллолни кўрмаяпман. Қачон уйига борсам, хотини “кўчага чиқиб кетган” дейди. Ўйламайдики, монтёр деган номим бўлгани билан менинг ҳам тирикчилигим, рўзғорим бор... Бугун астойдил уйига бориб қаттиқ гапириб келаман дея йўлга тушдим.
- Укангиз нариги қишлоқдаги Тўйчи даллолникига кетганди, биздан қарзи бор. Уям қайтарай, демайди. Ўйламайдики, даллол деган номи бўлгани билан укангизни ҳам тирикчилиги, рўзғори бор... - дея гапга тушиб кетди унинг хотини.
        Қайтдим. Ниҳоятда жаҳлим чиққан бўлса-да, аёл кишига қаттиқ гапиргим келмади. Ҳали қўлимга тушар... Уйга қайтаётиб кўчамиз муюлишига яқин келгандим ҳамки, Али тракторчи тракторини тариллатиб уйим томонга ўтиб кетди. Ортга қайтдим. Яхшиям мени кўрмади. Тўғрисини айтсам, менинг ҳам ундан қарзим бор... Бир неча ойдан бери кўзига кўринмай юрибман, юз тузилишимни унутиб юборган бўлса ҳам бўлса керак. Мен ҳам бир неча ойдан бери қарзимни қайтара олмаяпман, кўчадан трактор овози эшитилса юрагим безиллайди. Трактор ўтиб кетгунча нафас олмай тураман...
Кўча бошига етганимда велосипедини зувиллатиб Вали тегирмонча келиб қолди.
- Ука, анави трактордаги Алимиди? - деди велосипедини секинлатиб Вали тегирмончи.
- Ҳа, шу эди, тинчликми? - деб сўрадим.
- Аблаҳ, мендан қарз олувди, бир неча ойдан бери қайтарай демайди. Ўйламайдики, тегирмончи деган номим бўлгани билан менинг ҳам тирикчилигим, рўзғорим бор, - дея йўлида шошиб давом этди. Ортидан қараб тургандим кўча бошидан трактор кўринди. Бу томонга бурилмоқчи бўлаётган Али тракторчи Вали тегирмончини кўрди, шекилли, йўлни тўғрига солди. Вали ака ҳам педалларни қаттиқ босиб, ортидан қувиб кетди...
Ҳа, дейман, ишқилиб етиб олмасин-да, менга ҳам босим тушади. 
Айланиб гузарга чиқдим. Соли аканинг дўконига кириб, бироз гаплашиб, сўнг уйга қайтарман. Дўконга кирдим, бир дона сигарет олиб, сотувдаги гугуртдан ўтатиб олдим.
- Ука, - деди Соли дўкончи, - анави Вали тегирмончини кўрмаяпсизми? Баччағар, қарз олувди. Қайтарай демайди. Дўкончи деган номим бўлгани билан, менинг ҳам тирикчилигим, рўзғорим бор. Бу ёқда солиқчилар қўймаяпти. Солиқдан қарзим бор. Бунинг устига савдо ҳам унчалик яхшимас, бунақа бир донадан сигарет сотган билан савдо бўлармиди?
Сўнг мени ноқулай вазиятдан чиқармоқчи бўлиб, қўшиб қўйди:
- Кўнглингизга келмасин, яна. Шунчаки айтяпман-да, тўғри тушунасиз деб ўйлайман. Ахир, сизни укам деганман-а?
- Ҳа, йўғ-е... - деб дўкондан чиқдим. Аввалги пайтлардагидай кўп гаплашиб тургим келмади. Дўкондан бироз узоқлашганимдан кейин папкасини кўтариб келаётган солиқчи  бола учради. Оббо, энди Соли дўкончининг ҳам иши чатоқ, дея ортимга қарадим ва ҳайрон қолдим: Соли ака солиқчини қачон кўра қолди ва қандай қилиб дўконини беркитиб қочишга улгурди? Қойил!
Сигаретимнинг тутунидан фильтрнинг ачқимтир ҳиди кела бошлагач, билдимки, ташлаб юбориш керак. Қишлоғимизнинг марказий, энг узун кўчасидан юриб, қарзимни қандай қайтаришни ўйлаб борарканман, ҳамма нарсанинг, йўлнинг икки четидаги чинорларнинг, анави якка ўсган мажнунтолнинг ҳам менга раҳми келаётгандек туюларди.
Узоқда, кўчанинг охиридаги муюлишдан бир трактор чиқди ва тезда бошқа кўчага бурилиб кетди. Ортидан бир велосипед минган киши кўриниб, худди шундай тезликда ўша кўчага кириб кетди.
Уйга келсам хотин Али тракторчи келиб кетганини, қарзимни қистаганини айтди. Тракторчи номи бўлгани билан унинг ҳам тирикчилиги, рўзғори бормиш. Шунча вақт ўтиб кетибди, энди қайтармасам бўлмас эмиш. Энди нима қиламиз, қарзни қандай қайтарамиз? Эр-хотин ўйда қолдик. Юрагим сиқила бошлади, хотинимнинг ҳам аҳволи меникидан яхшимас. Бир-биримизга хомуш тикилиб қолдик. Бунақа ҳолни ҳеч кимга раво кўрмасдим.
- Онаси, - дедим узоқ жимликдан сўнг, - энди қарзни қайтармасак бўлмас, қўйларнинг бирини сотамиз, шекилли...
- Вой, ўлмасам. Қўйларимиз тўққизта қоладими, энди? - деди онаси.
- Иложимиз йўқ, онаси, иложимиз йўқ, - дедим афсусланиб.
  - Биронтасидан олиб турсак бўлмайдими, масалан Соли дўкончидан? У билан ака-укасиз-у?   
- Э, менинг ҳам калламга келди, аммо унинг аҳволи бизникидан ҳам чатоқ. Сен қўйларга қараб қўй. Бугун менинг кайфиятим йўқ, қўлим ишга бормаяпти. Новвосларнинг емини ҳам бериб қўй, сигир ҳам эсингдан чиқмасин, - дедим ва ичкарига кирдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий