Порахўрнинг туши (Ҳажвия)

Тўра Тўраевич эрталаб ўрнидан турди, ҳовлида чопгандай бўлди. Ювиниб, артинди.  Ишга кетадиган вақти яқинлашди ҳамки нонуштадан дарак йўқ.
-          Онаси! – дея овозини кўтариб чақирди.
Ичкаридан хотини кўзини ишқаб чиқиб келди.
-          Нима дейсиз?
-          Ие, “нима дейсиз”миш! Ишга кетаман. Ҳозир ҳайдовчим келади.
-          Хўп, нима қилиш керак?
-          Нонуштани ўзим тайёрлайманми?!
-          Ҳозир, ҳозир.
Хотини шундай деб шошилмасдан юзини юва бошлади. Тишини ювиш учун иккинчи марта тишювгичга паста суртаётганда, Тўра Тўраевич унинг олига бориб халатининг чўнтагига пул солиб қўйди.
- Вой, дадаси, қўявермайсизми, уялтирманг одамни... – дея бирдан чеҳраси очилди хотинининг. Сўнг дарров нонуштани тайёрлаб ташлади.
- Ўғлингиз мактабга бормайман, деяпти, - деди хотини нонушта устида.
- Нега бормас экан?
- Билмасам.
Тўра Тўраевич нонуштани тугатиб, юзини ювайми, ювмайми, деб турган ўғлиинг олдига борди.
-          Нега мактабга бормайман, деяпсиз, полвон?
-          Боргим келмаяпти..
-          Йўқ, бунақаси кетмайди. Манавини олинг-да, нонушта қилиб, мактабга жўнанг!
Тўра Тўраевич ўғлининг ҳам чўнтагига пул солиб қўйди. Ўғли иршайиб “Хўп, дада” деб юзини ювишга киришди. Шу орада дарвоза олдига машина келиб тўхтади. Тўра Тўраевич ишга отланаётган эди, хотини тўхтатди:
-          Қизингиз ҳам коллежга бормасмиш!
-          Ма, - деди Тўра Тўраевич чўнтагидан пул чиқариб, - қизингга бериб қўй. Ўқишдан қолмасин.
Хотини пулни олди, Тўра Тўраевич дарвозадан чиқаётиб хотинига қаради. Ҳар доим “Яхши бориб келинг” деб кузатадиган хотини индамай турган эди.
-          “Яхши бориб келинг” қани, онаси?
Хотини юзини бурди. Тўра Тўраевич яна пул чиқариб узатди. “Йў, йў, йў! Қўяверинг, дадаси” деганига қарамай, чўнтагига жойлаб қўйди.
-          Яхши бориб келинг, дадаси! – деди хотини.
“Жилпанглашини, деб ўйлади Тўраевич, жилпанглаш ҳам пулли бўлиб қолдими?”
Ҳайдовчиси кутиб турган экан, орқа ўриндиққа ўтирди-да, деди: “Қани, кетдик, ҳайда!” Ҳайдовчи машинани ўт олдира олмади. Капотни очиб беш-ўн дақиқа чуқалангандай бўлди, барибир юрмади. Шунда Тўра Тўраевич ҳайдовчисининг чўнтагига пул солиб қўйди.
-          Ие, ие, хўжайин! Нима қиляпсиз?
-          Қайтарма, чўнтагингда тураверсин!
-          Ие, хижолатга қўйдингиз-а, - дея ҳайдовчиси машинани ўт олдирди ва ишга қараб жўнаб кетишди.
Ишхонаси эшиги олдида турган қўриқчилар, замонавий тилда  айтганда “секюрити” йигитлар ҳам уни ичкарига киритишмади. Бошлиқни-я! Уларга ҳам пул бериб кейин хонасига йўл олди. Ортидан “узр, энди, хўжайин” деб қолишди. Ҳечқиси йўқ, бугун унинг имзоси билан иши битадиган жуда кўп, жуда кўпчилик келишади. Чиқимни ана шулардан қайтариб олади.
Аммо кун бўйи ҳеч ким қабулига кирмади. Кун бўйи бекор ўтирди. Котиба ҳам фақат пул қистиргандан кейин кофе дамлаб олиб кирди. Кайфияти ёмон ҳолда иш кунини тамомлади. Машинага ўтирганди, ҳайдовчиси бу сафар безрайиб хўжайинининг қўлига қаради.
-          Ма, баччағар! Ҳайда машинангни, - дея пулни олиб ҳайдовчисининг юзига отиб юборди. Ҳайдовчи индамай пулларни йиғиштири ва ўт олдирди.
Кечки овқат ҳам пора бериб қилдирилди, қизи билан ўғлининг овқатланиши учун ҳам уларга оз-оздан пул қистирилди. Идиш-товоқ ювилиши учун ҳам қистиришга тўғри келди, телевизор кўриш учун ҳам...
Ётар маҳали хотини ётоқхонанинг эшигини қулфлаб олибди! Тўра Тўраевич чўнтагига қўл солган эди пули қолмабди.
-          Онаси, - деди пардаси кенг очилган ойнаванд эшикнинг ойнасини тиқиллатиб.
-          Нима дейсиз?
-          Эшикни оч.
-          Очаман, очаман. Бироз кутинг.
Порасиз эшик очилмаслигини тушуниб турган Тўра Тўраевич асабийлашди.
-          Пул қолмади, онаси. Эшикни очавер.
-          Сиздан пул сўраганим йўғ-у, нима дарров пулдан гапирасиз? Кутинг, деяпман, холос!
Хотини шундай деб эшикдан узоқлашди. Диванга ётиб номойишкорона уёқ-буёққа ағдарилди. Тўра Тўраевич бетоқат бўлди.
-          Сейфни қарагин, сейфда пул бор! – деди Тўра Тўраевич.
Хотини ўрнидан кўтарилиб, ўтириб олди ва хотиржам тарзда деди:
-          Дадаси, сейфдаги пул  бу - сейфда турган пул.
Кейин дивандан турди ва эрига терс энгашиб тумбочкадан бир нимани қидирди, хотинининг туришига қараб Тўраевичнинг бетоқатлиги яна ошди. Хотини тумбочкадан шишачани олди, кейин ўтириб этагини кўтариб, оппоқ болдирларига шишадаги суюқликни сурта бошлади. Тўраевич эшик ойнасини ура бошлади. Хотин эса парво қилмай ўз иши билан машғул эди. Суюқликни тиззаларига сурта бошлаганда Тўраевич пишқириб ойнани қаттиқроқ ура бошлади. Навбат тиззадан юқорига келганда Тўраевич тақдирга тан бергандай тинчланиб қолди, тинчланди-ю, аммо тирноқлари билан ойнани тирнай бошлади. Ойна тирналган изларга тўлди. Пол тирналган ойна қуйқумларига тўлди. Хотини муолажани якунлади, энгашиб чойшабларни тўғрилагандай бўлди ва диванга  ўзини отгач Тўраевич қутуриб кетди, эшикка калласини ура бошлади.
-          Ҳай, ҳай, дадаси! Нима туш кўряпсиз? Юзимни юлиб, елкамга калла қўявериб, оғритиб ташладингиз!
Тўраевич ўзига келиб, бунинг ҳаммаси туш эканлигига амин бўлди ва секин овоз билан:
- Ёмон туш, - дея олди, холос

Комментариев нет:

Отправить комментарий