Қайнона ила келин (ҳажвия)


            Содиқжон ишдан келди-ю, дарвозадан ичкарига қулоқ солди. Ҳайрият, тинч экан. Кайфияти кўтарилиб ичкарига кирди. Бу унинг ҳар кунги одати. Ишдан келиб дарвозадан ичкарига қулоқ солади. Онаси билан хотини жанжаллашмаётган бўлса киради, бўлмаса ортга қайтади. Гузарга чиқиб улфатлар топади ва кунни кеч қилиб қайтади.

- Ассалому алайкум, ойи! Яхши ўтирибсизми? - деди онаси ўтирган сўри томон юриб.
- Ва алайкум ассалом, келдингми болам, чарчамадингми? - деди Соҳиба опа.
- Йўқ, ойи, чарчаш қаёқда? - деб Содиқжон сўрининг бир четига ўтирди.

          Нарироқдаги ошхонадан Дилдора чиқди ва қўлидаги челакни водопровод жўмраги остига қўйиб, яна ошхонага кириб кетди. Содиқжон хотининг авзойидан бугун ҳам жанжал бўлганини сезди. Ҳеч бўлмаса жанжал тугагандан кейин келибман-ку, дея суюнди.

            - Қани бу ёққа қараб юборинг-чи! - дея ошхона томонга бақириб қолди Соҳиба опа. Дилдорадан жавоб бўлмагач, яна чақирди: - Дилдорахон, сизга айтяпман!
            Ошхона остонасида тунд қиёфада Дилдора пайдо бўлди.
            - Қаранг, эрингиз келди, ишдан келди, чарчаб келди! Қани саломингиз? Уришган бўлсангиз мен билан уришдингиз, эрингизда нима айб? Қани ҳурмат?
          Дилдора индамай ошхонага кириб кетди, бугун жанжалда мағлуб бўлганга ўхшайди. Келинининг бу қилиғидан Соҳиба опанинг илҳоми жўшди:
         - Бу ёққа қаранг! - дея боягидан ҳам қаттиқроқ бақирди. Дилдора яна остонага туриб олди. - Одаммассиз десам, ишонмайсиз. Қани салом?
         - Керак бўлса ўзим кейинроқ саломлашиб оламан, - деди Дилдора, - Кўриб турибсиз-ку, кайфиятимни? Кайфиятимни тушириб қўйиб, энди асабимни қитиқлашга ўтдингизми?
- Вой, кайфиятингиздан ўргилдим, сизнинг! Вой, асабларингиздан ўргилдим, қитиғингиздан ўргилвордим! - дея жавраб кетди Соҳиба опа.
Дилдоранинг ҳам чакаги очилди. Қўллари белида, гапирганда калласи уёқдан бу ёққа қимирлаб турарди.

Бошланди! Ҳаво ҳам айниди. Шамол туриб, ҳовлини чанг-ғубор босди. Содиқжон индамай туриб дарвоза томонга юрди, “қайдасан, гузар” дея дарвозадан чиқди.

Ҳурматли ўқувчи, сиз онасига гап қайтарган хотинига индамаган Содиқжондан хафа бўлманг. Индаган, ҳатто бир неча марта дўппослаган.         Йигитчиликда кўп ҳам муштлашиб юрмаган Содиқжон, хотинини уравериб муштлашишни ҳадисини олди. Ҳозир унча-мунчаси билан муштлашадиган формага кирган. Дилдора ҳам эрининг калтакларидан пишиб кетган, ҳозир Тайсоннинг  ҳам зарбасини кўтара олади, исталган боксчининг машғулотида спарринг-рақиб бўлиб бериши мумкин. Аммо мушт ва шапалоқлар билан қайнона-келин муаммосини ҳал қилиб бўлмас экан. Бирон нима ўйлаб топиш керак. Содиқжоннинг ҳаёлига тўсатдан бир фикр келди-ю, хурсанд бўлиб кетди. Кечқурун гузардан ширакайф қайтгач, онасининг олдига кирди.

- Ойи, мендан хафа бўлманг, келинингизни тилини тия олмаяпман... Кўргансиз-ку, уришиб ҳам, уриб ҳам кўрдим...
- Бунингни дарра билан урсанг ҳам кор қилмайди, биламан, - деди Соҳиба опа.
- Бу кетишда бўлмайди, - деди Содиқжон ва калласига келган фикрни онасига айта кетди: - Бундай қиламиз, энди келинингиз билан жанжални мен қиламан. Бақираман, сўкаман, урмоқчи бўламан. Сиз шунда келинингизни тарафини оласиз. Уришгани қўймайсиз, ўртага тушиб, ургани қўймайсиз. Шунда зора, келинингизнинг сизга меҳри тушиб, иноқ бўлиб кетсаларинг.

Соҳиба опага ўғлининг гаплари жуда маъқул тушди. Ахир жанжаллар унинг ҳам жонига текканди-да. Шояд келини билан апоқ-чапоқ бўлиб кетса. Содиқжон ҳам шу кеча хурсанд ухлади, нега бу фикр аввалроқ ҳаёлига келмади? Ўзидан ўпкалади, ахир шу пайтгача шу тадбирни қўллаганда, ҳозир роҳат-фароғатда яшаётган бўлармиди?

Бу тонг Содиқжон учун бошқача отди, ахир, осуда, хурсандчилик кунлар яқинлашаётганди-да! Энди азобли кунлар ортда қолади. Ишда ҳам кайфияти юқори бўлди, ўйлаган тадбирини эслаб, ўзидан хурсанд бўлди. Ишдан қайтиб, бу гал дарвозадан қулоқ солиб ўтирмади, тўғри кириб борди. Онаси ўз жойида сўрида ўтирган экан, хотини ҳам ўз жойида - ошхонада эди. Онаси билан саломлашди, олдида бироз ўтирди-да, жанжал қилгани ошхона томон юрди. Ҳа, айтганча, жанжалга нима баҳона топса экан? Бораверай-чи, ўша ерда бирор сабаб топилиб қолар, дея ошхонага кирди.

            - Асолийкум, яхши келдингизми?- деди Дилдора.
- Волейкум, - жавоб берди Содиқжон. Дилдора чучвара тайёрлаётган экан, қунт билан   анчасини тугиб, териб қўйибди.
- Чучварани йиғиштир, бугун ош қиласан. - деди Содиқжон. Дилдора чучвара тугишдан   тўхтаб, секин бошини кўтариб эрига қаради...

Ошхонадан аввалига ғўнгиллаган ва чийиллоқ овозлар эшитилиб турди, Кейин идиш синиб, бақир-чақирга айлангач, Соҳиба опа келинига ёрдамга ошиқди. Ошхонага киргач, қўлларини белига қўйиб олган, қошларини чимириб турган келинига кўзи тушди.
- Хоҳ, отиб ташланг, хоҳ сўйиб ташланг, қил-май-ман! - дерди Дилдора Содиқжонга.
          -Қиласиз!!! - деб юборди Соҳиба опа, ошхонага кирибоқ, келинининг шакл-у шамойилини кўриб, айниб  қолган эди, - Қиласиз! Эрни гапи ерда қоладиган бўлдими, қи-ла-сиз!!!
           - Вой, ҳали бир кишига икки кишими? - деди Дилдора...

        Содиқжон дами чиққан коптокдай ошхонада чиқди. Энди қайнона-келин жанжали бошланди. Ҳовлининг бир четида, кечки офтобда тобланиб ётган мушук ҳам эриниб ўрнидан турди ва ўзига тинчроқ жой излаб кетди. Ҳовли ўртасидаги каттакон олма дарахтига қўнмоқчи бўлиб келган қушлар тўдаси, қўнмай, қайтиб учиб кетишди. Узоқларга, эҳтимол жанубгадир...

            Содиқжон ўртада бироз гангиб турди, кейин дарвоза томонга юрди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий